В июле из Афганистана в Термез было выпущено 5 ракетных снарядов. “Gazeta.uz ” в разговоре с хозяевами квартиры, в которую попала ракета узнали, что они боялись даже войти в дом. Однако политологи утверждают, что государства МО с самого начала знали, что существует аналогичная опасность, и что она может повториться снова.
«Ўша кундан бери жуда қўрқаман, уйга кира олмайман». Термизликлар Афғонистондан ракеталар учиб келгани ҳақида
Июлда Афғонистондан Термизга 5 та ракета снаряди учирилганди. «Газета.uz» билан суҳбатда ракета тушган хонадон эгалари уйга киришга ҳам қўрқиб қолганини айтишди. Сиёсатшунослар эса МО давлатлари бошиданоқ шу каби хавф борлигини билишгани ва бу яна такрорланиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Ўзбекистон ТИВ 5 июль куни соат 16:20 атрофида чегарага яқин Афғонистон ҳудудидан бешта реактив снаряд Термизнинг «Мажнунтол» маҳалласида қулаганини маълум қилганди. Снарядлар ўшанда портламагани, тўртта ракета бешта уйга зарар етказгани, бешинчиси эса футбол майдонига тушгани айтилганди.
Шу каби ҳолат апрелнинг иккинчи ярмида ҳам кузатилганди, бироқ унда снарядлар Ўзбекистон чегарасигача етиб келмагани маълум бўлганди. 17 июлга келиб, учинчи марта ракета учирилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди, Мудофаа вазирлиги буни рад этиб чиқди. Афғонистон муваққат ҳукумати ушбу ҳаракатлар ортида ИШИДга аъзо жангарилар тургани ва улар жазога тортилишини қайд этди.
Энг сўнгги, 5 та ракета Термизга етиб келган воқеадан зарар кўрган аҳолининг уйлари давлат томонидан таъмирлаб берилди. Бироқ одамларнинг қўрқуви ҳануз тарқагани йўқ. «Газета.uz»нинг махсус мухбири Аброр Қурбонмуротов маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиб, ўша кунги воқеа тафсилотлари ва одамларнинг ундан кейинги ҳаёти қандай кечаётгани ҳақида сўради. Қолаверса, сиёсий экспертларнинг шу каби ҳолат яна такрорланиши хавфи бор ёки йўқлиги ҳақидаги фикрларини ўрганди.
5 июль куни нималар содир бўлганди?
Фото: Аброр Қурбонмуротов / «Газета.uz».
«Мажнунтол» маҳаллада истиқомат қилувчи ўзининг исм ва шарифини қайд этишни хоҳламаган суҳбатдош ўша кунги воқеани шундай эсга олди:
«5 июль, сешанба куни эди, тушликдан сўнг, уй ишларини қилаётган эдим. Набираларим ҳовлида ўйнаб юришганди, келин ва тушмуш ўртоғим ошхонада уй ишларини қилаётганди. Ўғлим эса бошқа янги қурилаётган уйимизни таъмирлаётган эди. Соат 16:00 дан ўтиб қаттиқ бир овоз келди. Уйимиздаги шефирни тешиб, ракета тушди, ҳаммаёқ чангга тўлиб кетди, қаттиқ шовқин эшитилди. Оилам, имконияти чекланган қизим ва набираларим билан жуда қўрқдик ва кўчага югурдик. Фақат ҳаётимизни сақлаб қолсак, бўлди деган мақсад бор эди».
Суҳбатдош ракета тушган пайтда Бобур, Фурқат ва Исломобод кўчаларидаги бошқа хонадон эгалари ҳам кўчага югуриб чиқишганини айтди.
«Ўғлим «02»га (ички ишлар органларига) телефон қилиб, уйимизга ракета келиб тушгани ҳақида хабар берди. Дастлаб ИИБ ходими бу хабарга ишонмади, кўплаб фуқаролар чиндан ҳам ракета келиб тушганини айтишгач, ваҳима қилмаслигимизни, тез орада ходимлар етиб келишларини маълум қилди», — деди у.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, 10 дақиқа ичида ИИБ ва ФВБ ходимлари келиб, йўлларни ёпишган, барча фуқаролар зудлик билан хавфсизроқ кўчага олиб ўтилган.
«Сапёрлар келишди, бундан ташқари катта қум ортилган машиналарда келиб ракеталарни олиб кетишди. Вилоят ҳокими Тўра Боболов ва барча вилоят раҳбарлари келишди. Бизга ваҳима қилмаслигимизни, ҳаммаси яхши эканлигини айтиб, тинчлантиришди. Шу куннинг ўзида ракета тушган хонадонлар давлат томонидан бепул таъмирлаб берилишини айтишди. Зарар етказилган бешта хонадонни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Бунинг учун керак бўлган барча қурилиш маҳсулотлари келтирилди», — деди суҳбатдош.
Таъмирлаш ишлари Тўра Боболов назорати остида ўтгани, тунги соат 2:00 гача ҳоким ва бошқа раҳбарлар маҳаллада бўлишгани, уйлар 24 соат ичида таъмирлангани қўшимча қилинди.
Бошқа бир хонадан эгаси эса Афғонистон ҳукумати тепасига толиблар келганидан бери термизликлар кўнглида қўрқув борлигини айтди.
«Биздан ҳар қандай хабарлар тарқатмаслигимизни сўрашди. Лекин, барибир Термиз шаҳримиз Афғонистонга яқин жойлашгани учун қўрқув бор. Мен-ку ёшимни яшаб бўлдим, лекин набираларим бор, шуларнинг келажагидан озроқ ҳавотирдаман. Афғонистон тепасига „Толибон“ келганидан бери одамларимизда қандайдир қўрқув бор. Барчаси яхшиликка, юртимиз тинч бўлсин, деб ният қиламиз, бошқа иложимиз ҳам йўқ», — деди у.
Ракета тушган хонадон эгалари орасида таъмирлаш ишларидан норозилар ҳам йўқ эмас
«Газета.uz» билан суҳбатда Мажнунтол маҳалласи Исломобод кўчаси 30-уйда яшовчи Зиннат Саломова ўша куни ишда бўлгани, таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилмаганини таъкидлади.
Фото: Аброр Қурбонмуротов / «Газета.uz».
“Аслида биздан ҳеч кимга интервью бермаслигизни сўрашганди. Лекин сизларга интервью беряпман. Мен ишда эдим, ишдан келсам, қўшнининг уйига снаряд тушган деб айтишди. Уйга кирсам, уйимиз жуда ачинарли аҳволда, ҳамма жой ракета таъсирида бузилган экан. Снаряд бизнинг уйга кириб, деворни тешиб, қўшнимиз — овсинимнинг уйига ўтиб кетган экан. Кейинроқ орган ходимлари келиб бизни уйдан чиқаришди”, — деди у.
Унинг айтишича, кечки вақтда уйи зарар кўрган хонадон эгаларини Термиз шаҳар ИИБга олиб кетишган.
Фото: Аброр Қурбонмуротов / «Газета.uz».
“Кечки вақтда уйга қайтиб келганда, таъмирлаш ишлари чала амалга оширилиб кетилганини кўрдим. Вилоят ҳокими айтган бўлса ҳам таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилмаганди. Akfa`дан ясалган дераза ромларим, деворларимга шикаст етганди. Ҳокимият томонидан фақат бизга 3 дона шефир қўйиб берилди ва снаряд тешган деворимга ғишт терилди, бўлди. Бошқа ҳеч қандай ёрдам берилмади. Ушбу ҳолат юзасидан президент порталига ҳам шикоят қилдим, лекин орадан бир ойга яқин вақт ўтди, аммо ижобий натижа бўлгани йўқ” — деди Зиннат Саломова.
«Қаерга боришимизни билмай қолдик»
Исломобод кўчасида яшовчи Шоира Ғофурова ўша куни уйида ўзи, ўғли ва набираси билан қолгани, жуда қўрққанини айтди.
Фото: Аброр Қурбонмуротов / «Газета.uz».
“Мен ўша куни қозон ювиб ўтирган эдим, ўғлим набираларим билан бошқа хонада эди. Бирдан уйимда қаттиқ бир овоз эшитилди, уй чангга тўлиб кетди. Юрагим бир зум тўхтаб, қотиб қолди. Нима қилишни, қаерга боришни билмай, ховлида жойимда ўтирганимча қотиб қолдим. Ракета овсинимнинг уйидан кириб яқинда қурган меҳмонхонамизнинг деворидан тешиб ўтиб, меҳмонхона эшигидан чиқиб, ҳовлига тушди”, — деди у.
Мен меҳмонхонадан электр симлари тутаб, ёнғин бўлди деб ўйладим. Бироздан сўнг қўшнилар келди. Менга тинчлантирувчи дори беришди, кейин ётиб қолдим. Кейин эса қўшниларим ракета қолдиқларини кўриб қолишди. Шундан сўнг тепамиздан яна 3 та ракета учиб ўтди ва бошқа кўчага тушди. Қўрқиб «02»га телефон қилдик», — дея сўзида давом этди суҳбатдош.
Шоира опа ҳам орган ходимлари уларни бошқа кўчага олиб чиқишгани, кечки пайт эса шаҳар ИИБга борганини сўзлаб берди.
«Биздан ракета қандай келгани, нима бўлганини, нима учун интернетда хабарлар тарқатганимизни сўрашди. Бу хабарларни мен тарқатмаганим, ўзим „шок“ ҳолатида бўлганим, ким видеога олиб, тарқатганини билмаслигимни айтдим. Сўроқлардан кейин соат 22:00 да уйга келдим. Уйда таъмирлаш ишлари давом этаётган экан. Янги қурилган меҳмонхонамнинг деворларини қайтадан таъмирлаб беришди», — деди у.
«Лекин ракета тешиб ўтган эшигимга бошқа сифатсиз эшик ўрнатиб кетишган экан. Мен бир хил қилиб, учта эшикни яқинда ўрнатган эдим. Шу бўйича ҳокимиятга эътирозимни билдирдим, лекин эътиборга олишмади. 15 июль куни президент порталига шикоят хатини йўлладим. Уч кун олдин ҳокимиятдан вакиллар келишиб, далолатнома тузиб кетишди. Яқинда бошқа эшикларим сингари бир хил эшик олиб келишларини айтишди», — деди Шоира Ғофурова.
Фото: Аброр Қурбонмуротов / «Газета.uz».
Ушбу хонадон эгаси ҳам кўпчилик сингари ҳануз ич-ичидан қўрқувни ҳис қилаётганини айтмоқда. «Ўша кундан бери жуда қўрққаман, уйга кира олмайман. Ҳозир бир нарса келиб портлайдигандай бўлади. Жуда қўрқоқ бўлиб қолганман. Илоҳим юртимиз тинч бўлсин. Бизни қўлимиздан бошқа нима ҳам келарди», — деди суҳбатдош.
«Биздан ҳар қандай хабарларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатмаслигимизни сўрашди»
Ракета тушган яна бир хонадоннинг эгаси унинг зарар етган қисми давлат томонидан бепул таъмирлаб берилганини таъкидлади.
«Сешанба куни мен, аёлим ва набираларим уйда эдик. Мен молларимизга емиш бераётган эдим, фарзандларим ишда ва ўқишда эди. Шу оддий уй ишларимизни қилаётган эдим, бирдан қандайдир шовқин эшитилди. Катта чанг кўтарилди, нима бўлганини умуман тушунмадим, набирамни олиб кўчага чиқдим. Ўзи нима ва у қандай бўлганини англай олмай, қўрқув билан кўчага отилдик. Уйимизнинг бир қисми ракета зарбидан нураб, ҳовлимиз чангга тўлиб кетди, уй жиҳозларига ҳам зарар етди. Кўчага чиқсам, ҳамма қўшниларимиз кўчада экан. Ички ишлар ходимлари келиб, ракета Афғонистон томонидан отилганини ва ҳавотирга ўрин йўқлигини айтишди», — деди у.
Фото: Аброр Қурбонмуротов / «Газета.uz».
Навбатдаги суҳбатдош барча зарари қоплаб берилгани, шу билан бирга, ҳеч қандай хабар тарқатмаслик сўралганини айтди.
«Яқинда уйим таьмирдан чиққан эди. Ракета зарар келтирган меҳмонхонамиз ва уй деволари давлат томонидан таъмирлаб берилди. Ҳатто зарар етган уй жиҳозларимизни ҳам олиб беришди. Қўрқмаслигимизни, ҳаммаси назоратга олинганини айтишди. Биздан эса ҳар қандай хабарлар тарқатмаслигимизни сўрашди. Эртаси куни ҳам ҳокимиятдан вакил келиб, биздан уйларимиз таъмиридан рози ёки норози эканлигимизни сўрашди», — дейди «Мажнунтол» маҳалласида яшовчи фуқаро.
«Мен ўзимдан ҳам кўра фуқароларнинг ҳаётини ўйладим»
«Мажнунтол» маҳалласи раиси Бахтиёр Мамадалиев ҳам юқорида айтилган гапларни тасдиқлади ва давлат томонидан барча хонадонлар тўлиқ таъмирланиб берилганини маълум қилди.
«Ўша куни фуқароларнинг муаммолари билан суҳбатлашиб ўтирган эдик. Тўсатдан кўчада қандайдир шовқин эшитилди. Кўчага чиқдим, тепамдан ракеталар учиб ўтди. Бирдан ерга ётиб олдим, ракеталар ўтиб кетганидан сўнг ички ишлар органига телефон қилиб, хабар бердим. Ёнимда маҳалламиз нозири билан ракеталар тушган Бобур кўчага бордик. Ваҳимага тушган фуқароларимиз кўчага чиққан, нима қилишини билмай қолган экан. Аҳолини тинчлантиришга ҳаракат қилдим», — деди у.
Бахтиёр Мамадалиев. Фото: Аброр Қурбонмуротов / «Газета.uz».
Раиснинг таъкидлашича, биринчи галда ракеталар портламаслиги учун электр энергияни ўчиртирган. «Бироздан сўнг миллий хавфсизлик ходимлари, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва бошқа вилоят раҳбарлари, ички ишлар органлари ходимлари келишди» — деди у.
«Бизга ҳеч қандай ваҳима йўқлиги, аҳолидан саросимага тушмасликни сўрашди. Тўғри, одамлар озроқ ваҳимага тушди. Чунки биринчи марта бундай ҳолат бўлиши. Одамлар нима қилишини билмай қолганди», — деди у.
Маҳалла раиси эртаси куни фаоллар билан ракета тушган хонадон эгалари билан кўришиб, таъмирланган уйларидан рози эканлигини сўраб чиққанини айтди. У Фурқат кўчасида яшовчи бир хонадан эгаси таъмирдан норози эканлигини ҳам тасдиқлади.
«Ўша хонадонга керакли қурилиш моллари келтирилиб, ўзи хоҳлагандай таъмирлаб берилди. Қолган хонадан эгалари таъмирлашдан рози эканликларини айтишди. Шундан сўнг бу маълумотларни ҳокимиятга етказдик», — деди Бахтиёр Мамадалиев.
Ракета снарядларини ким учирди?
Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Twitter`даги саҳифасида 5 июль куни Термизга қарата ракета учирганлар «Хаворижлар» гуруҳи аъзолари эканлигини маълум қилди.
Фото: Афғонистон вакилининг Twitter`даги саҳифасида эълон қилинган видеодан олинди.
Унинг сўзларига кўра, улар Афғонистон махсус кучлари томонидан Қундуз вилоятидаги операция давомида ушланган ва йўқ қилинган.
Шу билан бирга, Ўзбекистонга Афғонистон томонидан уюштирилган ҳар икки ҳужум ўз тасдиғини топди. Унинг ташкилотчиси сифатида эса ИШИДнинг Хуросон бўлими ва «Хаворижлар» гуруҳлари кўрсатилди.
26 июль, Тошкент шаҳрида ўтказилган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» халқаро конференцияси иштирокчиларига мурожаат йўллаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон ҳукуматини террористик ташкилотлар билан алоқаларни узишга чақирди.
«Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишларини олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, «бу муваққат ҳукуматга ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади».
«Газета.uz» мухбирининг ракеталар қаерда ишлаб чиқарилгани, қанча тезликда келгани, нима учун портламай қолгани ва чегара ҳимояси масаласидаги сўровига Мудофаа вазирлиги масъуллари бу ҳақда бирор-бир маълумот бера олмаслигини таъкидлашди.
Яна шундай ҳолат такрорланиши мумкинми?
«Газета.uz» мухбири билан суҳбатлашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, «бу жуда тўғри ва ўз вақтида айтилган чақириқ».
Абдураҳмон Ташанов. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».
«Президентнинг чақириғини Афғонистонни тинч мамлакат бўлиши учун айтилган фикр деб ўйлайман. Лекин бу чақириқнинг самараси толибларнинг мамлакатни қанчалик бошқара олишига боғлиқ. Толибоннинг мамлакатни бошқаришга салоҳияти етади деб ўйламайман», — деган фикрда ҳуқуқшунос.
Унинг мисол қилиб келтиришича, ҳозирда толибларнинг Тожикистон ҳукумати билан муносабати салбий тус олмоқда.
«Салбий муносабат орқали Афғонистонда яшаётган тожиклар ҳам толибларга қарши ҳаракатга келиб қолиши мумкин. Албатта, Ўзбекистон ҳукуматининг чақириғи жуда яхши, лекин „Толибон“ ҳам бу чақириққа ижобий муносабат билдириши керак, Европа Иттифоқи давлатлари ва Америка билан сиёсий муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилишлари керак. Сиёсий муносабатларни ривожлангантирган сайин Толибоннинг қадриятига зарба берадиган талаблар қўйилиши мумкин. Мамлакатда демократия бўлиши, гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқи ва бошқаларни амалга ошириш талаблари Афғонистон учун жуда катта муаммолар ҳисобланади». — деди Абдураҳмон Ташанов.
Бахтиёр Эргашев. Фото: СМТИ.
«Маъно» илмий-тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев «Газета.uz» билан суҳбатда Афғонистонда шаклланаётган террорчи гуруҳларнинг бошқа давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга ҳам хавф солиши мумкинлигини айтиб ўтди.
«Менимча, Афғонистонда „Толибон“ ҳукуматга келганидан сўнг, ҳали ҳам вазиятни қўлга олишгани йўқ. Бошқа мамлакатлар „Толибон“ ҳукуматини тан олишяпти. Афғонистон ҳозир кўплаб муаммолар ичида қолиб кетмоқда. Иқтисодий муаммолар мамлакатни таназзулга олиб бормоқда. Ўзбекистон ҳукумати томонидан Афғонистонга кўплаб гуманитар ёрдамлар етказилмоқда. Толиблар ҳеч қачон Ўзбекистон билан алоқаларни салбий тарафга ўзгаришини хоҳламайди. Агар Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар бузилса, ўзларига жуда қийин бўлишини билишади», — деди у.
«Охирги вақтларда Ўзбекистонга уюштирилаётган ҳужумлар, албатта, халқаро террорчи ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда. „Толибон“ ҳозирча улар билан кураш олиб бормоқда. Лекин келажакда террорчи ташкилотлар Афғонистонда фаолиятини кенгайтирса, улар кўплаб аъзоларини йиғиб олишса, Афғонистон худуди халқаро террорчи ташкилотлар маконига айланиб қолиши мумкин», — деди Бахтиёр Эргашев.
«Бундан ташқари, толибларнинг ҳам уларга кучи етмай қолиши, террорчи ташкилотчилар нафақат Ўзбекистонга, балки бошқа давлатларга ҳам хавф солиши мумкин. 5 та ракета снарядининг Термиз шаҳрининг аҳоли яшайдиган хонадонларга келиб тушиши ҳам бизни жуда хавотирга қўймоқда. Ўйлаб кўринг, агар шу ракеталарнинг биттаси ўз вазифасини бажарганда, яъни портлаганда қанча қурбонлар бўлиши мумкин эди. Шунинг учун Афғонистонда ҳозирги вазият бутун дунё мамлакатларини ўйлантириши керак. Ҳозир бу муаммолар ижобий ҳал қилинмаса, эртанги кунда бутун дунё мамлакатларига хавф-хатар солиши мумкин бўлган катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин», — деди эксперт.
Фото: Youtube`даги видеодан лавҳа.
Сиёсатшунос Фарҳод Толипов «Газета.uz» мухбири билан суҳбат қилар экан, «Толибон» учун Афғонистонда бошқариш устувор вазифа бўлиб турган вазиятда бошқа давлатларга таҳдид қилиш имконияти паст”, дея фикр билдирди.
«Афғонистондаги вазият ҳозир жуда чигал, чунки «Толибон» ҳукуматини халқаро ҳамжамият тан олмаган. Агар тан олишмаса, толиблар давлатни қандай бошқариши, иқтисодий муаммоларни қандай ҳал қилиши ҳақида бир нарса дейиш қийин. Шунинг учун кўп жиҳатлар «Толибон»ни халқаро ҳамжамият тан олишига бориб тақалади. Шу нуқтаи назардан, Афғонистондаги беқарор вазиятда, толиблар учун мамлакат бошқариши устувор вазифа бўлиб турганда, бошқа давлатларга таҳдид қилиш имконияти паст даражада. Шунинг учун бизга баланд даражада таҳдидлар бор деб айтиш нотўғри бўлади», — деди Фарҳод Толипов.
Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият ҳам «Толибон» ва Ўзбекистон алоқаларини ижобий деб баҳоламоқда.
«Ўзбекистон Афғонистонга жуда кўплаб гуманитар ёрдамлар бериб келмоқда. Менимча, толиблар Ўзбекистон билан алоқаларни бузмаслик чораларини кўришса керак. Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистонга ракеталар отилиши юзасидан эса улар айбдорларни топиб, жазолашганини айтиб ўтишди. Ҳозирча кузатишимиз керак, бундай ҳолатлар яна такрорланадими ёки йўқ, бу ҳақда кейин хулоса қиламиз. Умид қиламизки, бундай ҳолатлар такрорланмайди», — деди сиёсатшунос.
Темур Умаров. Фото: Forbes.ru.
«Газета.uz» билан суҳбат давомида мазкур ҳолатларга Марказий Осиё давлатларининг ички ва ташки сиёсати, қолаверса, Хитойнинг собиқ Иттифоқ мамлакатлари ва Россия билан алоқалари бўйича мутахассис, Карнеги Москва маркази илмий ходими Темур Умаров ҳам фикр билдирди.
«Назаримда, Термизда содир бўлган воқеа мавжуд ҳолатни унчалик ҳам ўзгартирмайди. Яъни, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби бунга ўхшаш нохуш воқеаларга бугун дуч келиб тургани йўқ. Содир бўлган воқеадан сўнг менинг толибларга нисбатан ҳам, Кавказ масаласини ечимига нисбатан ҳам фикрларим жиддий ўзгармаган. Бу Ўзбекистон ушбу воқеалардан кейин Толибон ҳукумати билан мавжуд алоқаларни узади, Афғонистон билан ҳамкорликни тўхтатади, дегани ҳам эмас», — деди у.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ушбу қарорни қабул қилиб, ҳамкорлик томон қадам босаётганидаёқ, бундай ҳолат ҳам содир бўлиши мумкинлигини олдиндан сезган.
«Ўзбекистон мазкур ва шунга боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилишнинг ягона ечими — толиблар, Афғонистон билан ҳамкорликни давом эттириш, мазкур ҳудудни иқтисодий ривожлантириш ва алоқаларни қўллаб-қувватлаш, янги горизонтал муносабатларни шакллантириш ва бошқаларда деб билади. Яъни, Ўзбекистон томони бугун Афғонистонда ҳақиқатда ҳокимиятни қўлида ушлаб туриш қувватига эга бўлган шахслар гуруҳи бўлган толибларга ишонч билдирмоқда-ки, у ерда бу каби қувватга эга бўлган бошқа гуруҳлар ҳозирда мавжуд эмас ва яқин келажакда вужудга келиши ҳам қийин», — деди Темур Умаров.
«Ҳудудда давлат идоралари ва бошқа гуруҳлар билан курашишда, мамлакатни иқтисодий инқироздан чиқаришда ва амалда бутун мамлакат бўйлаб вазиятни барқарорлаштиришда «Толибон»дагина имконият мавжуд, ҳозирча бошқа йўли ҳам йўқ. Шу сабабли юқоридаги каби веоқеалар қайта содир бўлган тақдирда ҳам Марказий Осиёнинг «Толибон»га нисбатан муносабатини жиддий ўзгартира олмайди», — деди эксперт.
Унинг фикрича, Марказий Осиёда воқеаларнинг террористик ташкилотлар фаоллашуви каби ривожига тайёргарлик бўлган ва бошиданоқ ушбу ҳолат ҳисобга олинган.
«Шу сабабли бу каби ҳолатлар келгусида Марказий Осиё давлатларига мунтазам равишда таҳдид солиб туриши мумкин. Содир бўлган ҳолат ҳам истисно эмас, балки бу Марказий Осиё давлатлари томонидан тайёр турилган ҳолатлардан биридир. «Толибон»нинг ҳукуматга келиши билан террористик ташкилотларнинг фаоллашуви ўртасида боғлиқлик йўқ, балки буни Америка қўшинларининг ҳудуддан чиқиб кетиши билан изоҳлаш мумкин. Бизга маълумки, Америка қўшинлари Афғонистондаги ҳолатни назорат остида ушлаб турган эди. Улар мамлакат шимолида бўлиб турган пайтларида толиблар томонидан назорат қилинмайдиган буфер ҳудуд мавжуд эди. Улар кетгач, Афғонистон шимоли ҳам толибларнинг қўлига ўтди ва бу айнан ўша воқеалар билан боғлиқдир», — деди сиёсатшунос.
Мутахассиснинг таъкидлашича, жаҳон ҳамжамияти толибларни тан олмаяпти, бу ерда асосий масала — толибларни кучли ҳокимият сифатида тан олишда эмас.
«Бу ерда асосий масала — толибларни радикал ташкилот бўлганига кўз юмиш ва афғон халқи ҳаётини яхшилаш мақсадида толибонлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилишида. Мана, масала қаерда. Жаҳон ҳамжамияти бу борада жиддий қадамлар қўйишга тайёр эмаслиги эса „Толибон“ учун мавжуд вазиятни янада чигаллаштиради. Мамлакат ташқарисида толиблар учун ёрдам кўрсатадиган штаб мавжуд, лекин бу ерда унинг қурол савдоси, наркотрафик каби бошқа даромадлари ҳам борлигини унутмаслик даркор», — деди Темур Умаров.
Қолаверса, у турли ташкилотлар томонидан юбориб турилган инсонпарварлик ёрдамларини ҳам инобатга олиш кераклигини айтди.
«Шундай қилиб, толибонлар ҳозирча оқим бўйлаб суза олиш имкониятига эга бўлиб турибди. Лекин узоқ муддатли келажакда улар ҳозирда амалга оширмоқчи бўлган режалари иш бермай қолиши ортидан янада радикаллашиб кетишлари, куч ишлатиш, сўраш эмас, талаб қилиш позициясига ўтиб кетмасликларига ҳам кафолат йўқ», — деди Карнеги маркази илмий ходими.
Чтобы оценить работу, перейдите по ссылке: