Люди которые отдаляется от театра.
Интервью с директором единственного узбекского театра в Таджикистане.
Бугун биз тарихдан маданият маркази бўлиб келган, аммо бугунги кунда унга боришни нафақат ёшлар, балки ёши катталар ҳам унутиб қўяётган соҳа, яъни театр ҳақида гапирмоқчимиз. Одамларни театрдан узоқлашишига сабаб нима бўляпти? Нега одамлар ўртасида театрга бориш десак, биринчи ўринда мажбуран олиб бориш деган тушунча пайдо бўлиши? Бугунги театрнинг асосий муаммолари нималар? Театр ва кинонинг асосий фарқи нима? Аввалги ва ҳозирги театр аудиторияси ўртасидаги фарқ нимада? Театр замон билан ҳамнафас бўлиши учун қандай форматлардан фойдаланилмоқда? Театр фаолияти аслида қандай тузилган? Ташқи тарафдан қараганда ҳаммаси оддий: драматург ёзади, режиссёр саҳнага қўяди, актёр ўйнайди. Ўйлар рўёбга чиққандан сўнг ким асосий ишни қилганини айтиш қийин, албатта. Саҳнада қандай қилиб ҳаётийликни намоён этишга эришилади? Шу каби саволларга сиз бугунги мақола орқали жавоб топасиз.
Шукур Бурхонов номли Тожикистондаги ягона ўзбек мусиқали драма театрида меҳмонда бўлдик. Ушбу театр Тожикистон Республикаси Суғд вилоятининг Спитамен ноҳиясида жойлашган. Ушбу ноҳиянинг аксарият ахолиси ўзбек миллатига мансуб санъатсевар одамлардир. Ноҳия марказида жойлашган театрга етиб келганимизда театр раҳбари ижодкорлар билан йиғилиш ўтказаётганини айтишди. Орадан бироз муддат ўтиб биз раҳбар қабулига кирдик ва суҳбатимизни бошладик.
— Аввало ўзингизни муштарийларимизга таништириб ўтсангиз.
— Камина Тожибоев Тоҳиржон Толибович 1971 йилнинг 24 декабрида шу ноҳияда оддий деҳқон оиласида туғилганман. Санъат соҳасига кириб келишимда отамларнинг ўрни жуда катта. Ўзлари санъатга шинаванда одам бўлганликлари учун 7 фарзанддан 6 тасини санъат соҳасида таълим олишига шароит яратиб берганлар. Ушбу театрда 1989 йил декабр ойидан куйчи (навозанда) сифатида иш бошлаганман, 15 йил узлуксиз шу ерда ишладим. Кейин рўзғор ташвишлари билан орада 3- 4 йил мухожиратга ҳам бориб келдим. Барибир санъатга бўлган иштиёқ баландлик қилди ва яна театрга қайтдим. 2011 йилдан то 2014 йилгача ноҳия маданият бўлими бошлиғи сифатида ҳам фаолият олиб бордим. Аслида мутахассислигим оммавий чора тадбирлар режиссёри. 2021 йилдан бери Шукур Бурхонов номли ўзбек мусиқали драма театри бошлиғи сифатида фаолият юритиб келяпман.
— Келинг, ушбу театр тарихига бир назар ташлаймиз.
— Бу ўринда аввало, ноҳиядаги биринчи театр ташкил топилиши тарихига тўхталиб ўтиш керак, деб ўйлайман. Ноҳиямизда биринчи ҳаваскорлар театри 1934 йилда ташкил топган. Театр ўз биносига эга бўлмаган, боғда саҳнанинг ўзи бўлган, йиллар ўтиб, аста-секин 1960-70 йилларда кўриб турганингиз ушбу театр биноси қуриб битказилган. 1991 йил 12 июнда ушбу мусиқали драма театрига машхур санъат арбоби Шукур Бурхонов номи берилган, бундан биз жудаям фахрланамиз. Бу Тожикистон Республикасидаги ягона ўзбек драма театри ҳисобланади. Орада муносабатлар инқирозга юз тутган вақтларда театр фаолияти бироз сусайган бўлиши мумкин, аммо охирги 5-6 йилда қайтадан янги нафас олди десак, муболаға бўлмайди. Театримиз ушбу ном остида фаолият юритишни бошлаганига 30 йилдан ошди.
— Театрни энг гуллаган ( фаол) даври ҳақида гапирсангиз.
— Жонажон мамлакатимизда Мустақилликка эришилгандан сўнг театр соҳаси, нафақат бизнинг театр, балки бутун республика бўйлаб барча маданият ва маънавият масканлари оёққа туришни бошлаган давр десак, адашмаймиз. Бугун давлатимиз ва Ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар муҳайё қилинган ва театрга бўлган эътибор йилдан- йилга ортиб бормоқда. Театримизнинг энг фаол йиллари Шўролар Иттифоқи даврининг 1980 – 90 йилларига тўғри келади. У даврда одамларнинг театрга бўлган нигоҳи, фикри бошқача эди, театрга иштиёқ баланд эди. Ўша пайтларда ижтимоий тармоқларнинг бўлмагани томошабиннинг театрга бўлган қизиқишининг мавжудлигига сабаб бўлиши мумкин, деб ўйлайман.
— Театр ўз фаолияти давомида бирор маротиба тўхтаб қолганми?
— Йўқ, ҳатто фуқаролик уруши даврида ҳам театр бир кун ҳам ёпилмаган. Хатто, биласизми, театр жамоасига иш ҳақи тўлашнинг иложи бўлмаган вақтларда, ходимларга ун-ёғ махсулотлари билан ёрдам берилган. 2- 3 ойлаб маошсиз ишлаган вақтларимиз бўлди, аммо шу оғир дамларда ҳам театр ўз эшикларини томошабинларга ёпмаган.
Биласизми, халқнинг ғами бир бурда нон топиш бўлиб қолган ўша таҳликали йилларда кўп санъат даргоҳларини ёпиб юборишлари ҳам мумкин эди. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг маърифатпарвар сиёсати ва эътибори туфайли театр каби маънавият масканлари сақлаб қолинди ва иккинчи ҳаёт бағишланди. Бу ғамхўрликларга жавобан биз фидокора меҳнат қилиб, халқнинг маънавий ва руҳий дунёсини бойитишга тайёрмиз.
— Келинг, кўпроқ қайси драматурглар асарлари асосида спектакллар қўйилиши ҳақида гаплашсак.
— Биз жуда куп драматурглар билан ҳамкорлик қиламиз, масалан, Шамси Қиёмнинг “Сендан ман нолимайман асирим”, Ўринбой Усмоннинг “Азроилнинг ҳаммоли” асарлари охирги йилларда кўпроқ саҳнага қўйилиб келинмоқда.
— Театр борки, гастрол деган тушунча бор, гастроллар ҳақида гаплашcак.
-Шўролар даврида биз театр жамоамиз билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига 20 кундан 45 кунгача гастролларга борардик ва ўзимизнинг дастурларимиз билан икки давлат дўстлигини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшардик. Энг кўп давом этган гастролларимиз Ўзбекистон Республикасининг турли вилоятларида ўтган. Мустақиллик даврида яқинда Ўринбой Усмоннинг қаламига мансуб“Азроил ҳаммоли” спектакли билан яна Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида 10 кунлик гастролда бўлиб қайтдик. Менинг ожиз фикримча, бизда нафақат ёшлар, ёши улуғ,ҳатто зиёли қатлам вакиллари ҳам театрдан четланиб қолишган, буни яширадиган жойи йўқ. Гастролда бизга ёққан нарса шу бўлдики, Наманганда театрга тушганлар орасида ёшлар ёши катталарга қараганда кўпроқ эди ва улар “Тожикистондаги ягона ўзбек театри келибди”, деб дастурларимизга ташриф буюришгани одамни қувонтирди. Биз намойиш қилган спектакл одамларнинг юрак – юрагигача етиб борди, десам хато қилмайман, зеро, ёшлар кулгили саҳналарда кулиб, мунгли саҳналарда йиғлашди. Ҳозирги ёшларни бир таъсирли нарса билан йиғлатиш қийин, ишонаверинг. Уларни кўзидаги ёшни кўриб, бизнинг маҳоратимизга берилган баҳо, деб билдик, чунки биз кўзлаган мақсадимизни уларга етказиб бера олдик.
— Ушбу театр саҳнасини кўрган ё тарбиясини олган машҳур актёрлар ҳақида айтиб ўтсангиз.
— Бизнинг жамоамиздан театр фаолияти бошидан то ҳозирги кунгача жуда кўп машҳурлар етишиб чиққан. Тожикистонда хизмат кўрсатган артистлар Усмонжон Сидиқов, Бердимурод Турдимуродов, Қодиржон Мирашуров каби Тожикистон санъат аҳли орасида ўзининг ўрнига эга бўлган санъат вакиллари ушбу даргоҳ “тупроғини ялаганлар”. Кейинги йилларда Тожинисо Ниёзова қарийб 10 йил директорлик қилдилар ва театримизга уларнинг жуда катта меҳнатлари сингган. Театримиз ижодий жамоасига берилган энг юксак баҳолардан бири – Миллат Пешвосини Куруш қишлоқ жамоатидаги Маданият қасри очилишидаги 18-20 дақиқали спектакл томошасидан кейинги берган баҳолари бўлди, ушбу маросимда Тожинисо Ниёзованинг номи Миллат Пешвоси томонидан тилга олиниши унинг театр учун қанчалик беқиёс ҳисса қўшганлигининг яққол белгисидир. Сиз ҳозир давлат томонидан тақдирланган санъаткорлар ҳақида маълумотга эга бўлдингиз, халқ меҳрини қозонган санъаткорларимиз ундан-да кўп: машҳур доираси Шарифжон Отажонов,созанда, машҳур ғижжакчи Сайдулла Убайдуллоев,моҳир дуторчи Сирожиддин Жўраевлар дунё бўйлаб бизнинг санъатимиз, маданиятимизни тарғиб қилиб келмоқдалар. Ўзбекистонда фаолият юритаётган машҳур актёрларнинг қарийб 30 фоизи бизнинг ноҳиядан чиққан,десак адашмаймиз. Актёрлар Маъруфжон Отажонов ва Абдуқодир Яхёев бугунги кунда сериал ва киноларда рол ижро этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқдалар.
— Иш борки, камчиликлар, муаммолар ҳам бўлади, бугунги кунда театрнинг асосий муаммоси нимада деб ўйлайсиз?
-Жуда ўринли савол бу, долзарб мавзуни кўтардингиз. Театрдаги асосий муаммо бу кадрлар етишмовчилиги. Бунга асосий сабаб эса ёшлар ёки жамият ўртасидаги “ўзбек театри ёки умуман театр энди кимга керак” деган умидсизлик, ҳамма тижоратга ўтиб кетди, ҳаммада телефон, компютер бор, қолаверса, ижтимоий тармоқлар бор, деган ақидалар қалбларни занглатиб қўйгани бўлиши мумкин. Аммо ҳеч ким янги мутахасисларни топиш, ёшларнинг санъат йўналишида таҳсил олишлари учун қайғурмайди. Келгусида театрда ким ишлайди, деган савол мени ўйлантиради.
Вақт жуда тез ўтади, буни театрда ишлайдиган одамлар бошқаларга қараганда яхшироқ ҳис қилишади. Театрга янги кадрлар керак. Театримиз фаолиятининг биринчи кунидан то бугунгача бўлган фурсатдаги энг катта муаммолардан бири режиссёрларнинг етишмаслигидир. Театр деганда, аввало, инсоннинг кўз олдига спектаклни саҳналаштиришдаги асосий одам, яъни режиссёр келади, бу касб вакиллари театрнинг “юраги” ҳисобланади. Биз кўпгина режиссёрларни ишга таклиф қилдик, аммо муқим туриб ишловчи режиссёрлар бизда йўқ, десак ҳам бўлаверади. Фақатгина, Тошкент театр институтини тамомлаган Илҳом Узоқов узоқ йиллар театримизда узлуксиз фаолият юритган маҳоратли режиссёрлар сирасига киради. Илҳом ака Узоқов кўп йиллар Суғд вилояти телевидениясида режиссёр сифатида ишлаб, нафақага чиққан ва бугунги кунда театримиз билан самарали ҳамкорлик қилаётган мутахассислардан биридир. Раҳбарлар ва мутасаддилар кадрлар билан таъминлаш борасида Ўзбекистон соҳавий олий ўқув юртларида ёшларимизнинг таҳсил олишлари, малака оширишлари масаласини кўриб чиқсалар, нур устига аъло нур бўлар эди. Дарҳақиқат, бизда истеъдодли ёшлар кўп, аммо уларга фундаментал билимлар керак бўлади, кастинг ўтказиб, танлов асосида уларни бепул таълим билан қамраб олинса, мақсадга мувофиқ бўларди.
— XXI аср – янги технологиялар асри, театр фаолиятига янги форматларни киритиш ва ёшларни театрга жалб қилиш йўлида бугун қандай ишлар олиб борилмоқда?
— Бу нарса олдин ҳам кўп ўртага ташланган, яъни қандай қилиб ёшларни театрга жалб қилиш мумкин? Бироқ, кўп вақтларда бу амалий бўлмай қоларди, сизнинг ташрифингиздан бир муддат олдин ижодий жамоамизнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда биз шу масалани хал қилиш йўлларини кўриб чиқдик, бир неча вариантлар ўртага ташланди ва улар орасидан актёрлик тўгаракларини ташкил қилиш масаласини олдинга суришни режалаштиряпмиз. Нафақат актёр, бугун бизга режиссёр, чироқ усталари, декоратор, наттоқ, қўшиқчи, куйчи керак. Келгуси ҳафтадан керакли идораларга ушбу таклиф билан чиқмоқчимиз. Ноҳиямизда 33 та мактаб бор, ҳар бир мактабдан ҳеч бўлмаганда биттадан театрга қизиқувчи ёшлар чиққан тақдирда, бизда 33 та ёш кадр етишиб чиқади. Коллективимиз 39 нафардан иборат, янги кадрлар янгиланиш учун имкон демакдир. Юқорида айтиб ўтганимдек вақт жуда тез ўтади.
— Кўпларга қизиқ бўлган саволга тўхталиб ўтмоқчимиз: кино ва театрнинг асосий фарқи нимада?
— Фарқлар жудаям кўп, аммо асосий фарқ, менимча, кино бу тасмага ёзиб олинган санъат тури, актёр, режиссёр борми йўқми, кечасими кундузими бемалол томоша қилишингиз мумкин. Спектакл эса – бу жонли ижро, актёр ва режиссёр иштирокисиз спектаклни тасаввур қилолмайсиз. Яна бир фарқи – кинода бир лаҳзалик кадрни бир неча ўнлаб дубллар қилиб, энг яхши чиққани танлаб олинади, театрда эса саҳнага чиқдингизми, сизда қайчилаш, янги дубллар деган нарса йўқ, маҳоратни ишга соласиз ва томошабинга етказасиз. Кинода актёрни овози ёқмаса қайтадан овоз бериш мумкин, графика деган нарсалар бор, театрда эса актёрни овоз, ижро ва маҳорат бўйича ҳар томонлама мукаммал тарбиялаш лозим.
— Халқ ўртасидаги “ бугунги кунда театрга фақат мажбурлаб олиб борилади” деган ақидага сизнинг фикрингиз? Ушбу ақида қаердан пайдо бўлди?
— “Дори аччиқ бўлса, унинг таъсири яхши бўлади” дейди доно ҳалқимиз, саволингиз жудаям ўринли. Бизга ҳам жуда кўп шунга ўхшаш саволлар беришади. Театр ўзи ишлаяптими? Театрда нима иш қиласизлар? каби саволлар бўлади, шу тинч, осойишта ҳаётдан шукрона қилиб, бирор марта театрга тушмаганлар ҳам учрайди. Спектакл билетлари қиммат эмас, кўпи билан 10 сомоний туради. Умри бўйи театрга тушмаган одамлар бор, улар баъзан турмуш ташвишлари билан ўралашиб қолганлар. Ёшларнинг таназзулга юз тутишларига сабаб бўладиган тунги клублар, лото ўйинлари, букмейкерлик клублари кўпайиб кетган. Кўплаб ёшлар қимматли вақтларини шу каби жойларда ўтказишади. Бироқ, кўп йиллардан бери фаолият юритиб, аҳоли орасида маърифат ва маънавиятни тарғиб қилишга ҳисса қўшаётган маданият даргоҳига умрларида бир марта бўлса ҳам қадам қўйишмаган. Юқорида сиз эслатган саволлар ана шундай фикрловчи кимсалар томонидан берилади.
Театрга бир марта ҳам бўлса кирган одамлар орасида “Эҳ юрган эканман, бизда ҳам шунаканги спектакллар қўйиладими, шунақанги маҳоратли актёрларимиз борми?” дейдиганлар талайгина. Спектакллардан тушган маблағлар тўлиқ шу бинони таъмирлаш учун сарфланади. Баъзан томошабинларни театрга “мажбурлаб” туширишган вақтлар ҳам бўлгандир, бир нарсани айтиш жоизки, саломатлик учун фойдаси шубҳасиз бўлган баъзи маҳсулотларни татиб кўришни таклиф қилишади, гарчанд соғлик учун зарарли бўлса-да. Театр маънавият ва маданият даргоҳи, биз ўз фаолиятимизда зарарли нарсаларни тарғиб қилмаймиз. Бир нарсага аминманки ӯша “мажбурлаб” олиб келинган 100 нафардан атиги 10 нафари шу даргоҳдан ўзига бирор яхши хулоса олиб, чиқиб кетса, бу бизнинг ютуғимиз, бундан бошимиз кўкка етади.
— Сизнингча, бугунги аудитория Шўролар Иттифоқи даври аудиториясидан нимаси билан фарқ қилади?
— Менинг фикримча, ўтган асрда одамлар мелодрамаларни хуш кўришарди, ҳозирги аудитория кўпроқ комедия жанрини сўрашади. Бу тенденция нафақат бизда, балки бутун дунёда давом этмоқда.
Азиз юртдошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, маънавий озуқа макони бўлган театрга ҳам тушиб туринглар, зеро, ҳаёт гўзал, турмушимиз чиройли, муносиб ҳаёт учун барча шароитлар муҳайё. Маданий ҳордиқ чиқариш ҳам инсон умрини узайтиради. Юртбошимиз халқимиз ҳақида ғамхўрлик қилиб, маърифатпарвар сиёсати доирасида санъат даргоҳларига катта эътибор қаратмоқда, бу имкониятлардан самарали фойдаланайлик.
-Мароқли суҳбат учун ташаккур. Сизга ва ижодий жамоангизга баркамоллик, улкан ютуқлар тилаймиз. Халқимиз маънавиятини бойитиш йўлидаги заҳматларингиз ўз самарасини бериб, томошагоҳлар томошабинлар билан тўлиб-тошсин, меҳнатингиз муносиб қадрланиб, келгусида Шукур Бурҳонов каби забардаст, истеъдодли санъаткорлар республкамиз донғини дунёга таратсин, деб қоламиз.
Чтобы проголосовать, пройдите по ссылке: