Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарада яшовчи 130 га яқин оилани кўчиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, чегара ҳудудлари делимитация ва демаркация қилинганидан сўнг чегарадан 50 метр масофада ҳимоя чизиғи ва икки қатор тўсиқлар яратилади, шунингдек, «мудофаа ва эксплуатация» билан боғлиқ бошқа талаблар ҳам бажарилади.

«Албатта, маълум бир жойлардан одамларни кўчиришга мажбур бўламиз. Қилган ҳисоб-китобимиз бўйича тахминан 130 та хонадонни кўчириш мўлжалланган. Тахминан 50 млрд сўм (4,5 млн доллар атрофида, ҳар бир оилага 384,6 млн сўмдан тўғри келади — таҳр.), уй-жойлари, ҳовлиларидаги дарахти, узуми — ҳаммаси ҳисобланган. Бу — тахминий ҳисобланган маблағ», — деди у.

Ҳукумат раҳбари янги уй қуриш ёки янги жойдан турар-жой сотиб олиш учун компенсация олишларини таъкидлади.

«Улар хоҳласа биз компенсация қилиб маблағини тўлаб берамиз ва ўзлари қуриб олишлари учун жой берамиз бошқа жойдан. Ёки уларга янги қурилган жойлардан таклиф қиламиз, берган компенсация пулидан ўзлари белгиланган ўзининг таннархи қиймати сотиб олиш имконини берамиз», — деди бош вазир.

Абдулла Арипов «Ҳеч ким норози бўлмайди», — деди бу масала шахсан президент томонидан назорат қилинади.

Душанба куни депутатлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампир-обод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни қабул қилгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик. Ўзгаришлар Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари чегараларига таъсир қилади.